ALOUDDIN SAMARQANDIY

АЛОУДДИН САМАРҚАНДИЙ

Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг йирик алломаси, ақоид, тафсир, усул ал-фиқҳ, фуруъ ал-фиқҳ ва калом илмлари соҳиби, ўз даврининг етук фақиҳи Алоуддин ас-Самарқандий (ваф. 539 ҳ.1144-45 й.) ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар жуда оз Манбаларда бирор мансаб соҳиби бўлганлиги ёки қорахонийлар салтанатидаги ўрни ҳақида хабар берилмаган. Алоуддин ас-Самарқандий ҳақида биринчилардан бўлиб унинг шогирди Алоуддин ал-Косоний (ваф. 1191 й.) «Бадо’и‘» асари муқаддимасида  яна бир шогирди ас-Самъоний (ваф. 1167 й.) «Китоб ал-Ансоб» асарида маълумот берган. Будан ташқари табақот жанридаги ҳанафийлик мазҳабига оид адабиётларда қисқа хабарлар билан чекланилган. 

Алоуддин ас-Самарқандий ҳаётини ўрганиш жараёнида унинг Самарқанддан Бухорога кўчиб ўтиб илмий фаолиятини давом эттиргани маълум бўлди. Бунинг сабаби ҳозирча мавҳум.

Устозлари

Ҳанафий фиқҳининг Мовароуннаҳрда ривожланишига катта ҳисса қўшган олимлар қаторида турувчи бу фақиҳнинг устозлари, асосан ҳанафийликдаги етук олимлардан бўлиб, унинг илм борасидаги устозларининг силсила занжири Абу Ҳанифага (ваф. 767 й.) учта восита орқали боғланади. 

Алоуддин ас-Самарқандий асосан илк устози Самарқандда “қози ал-қузот” бўлган Абу-л-Йуср ал-Паздавий (ваф. 493ҳ. 1099 й.) ва иккинчи устози Мотуридиййа таълимотининг етук олимларидан Абу-л-Муъин ан-Насафий ал-Макҳулийдан (ваф. 508ҳ. 1114 й.) таълим олган .

Абу-л-Йуср Паздавий томонидан Алоуддин ас-Самарқандий ўзидан олдинги силсилага кўра, икки занжир билан Абу Сулаймон ал-Жузжоний (ваф. 200ҳ. 815 йилдан сўнг) орқали Имомга боғланади. Абу-л-Муъин ан-Насафий томонидан силсила Абу Бакр ал-Жузжоний орқали Абу Сулаймон ал-Жузжоний билан бирлашади ва у орқали Имомга боғланади (силсилага қаранг).

Ас-Самарқандийнинг устозлари силсиласи:

Шогирдлари

Алоуддин ас-Самарқандий таълим бериш соҳасида ҳам юксак маҳоратга эга бўлган. У кўплаб етук шогирдлар тарбиялаган. У, аввало ўз қизи Фотимани ёшлик чоғидан бошлаб илмга ўргата бошлаган, қироат, араб наҳви (грамматикаси) каби илмидан, кейин эса фиқҳдан дарс берган. Фотима отасидан фиқҳ илмини мукаммал ўрганиб, буюк фақиҳа-олима даражасига етган. 

Кораҳонийлар даврининг буюк фақиҳларидан бири ал-Косоний Алоyддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмаддир (ваф. 587ҳ. 1191) .  «Шариъат тартибида ажойиб санъатлар» (بدائع الصنائع فِي ترتيب الشرائع) номли ҳанафий фиқҳига оид асари мавжуд. Бу асар устози Алоуддин ас-Самарқандийнинг «Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарига ёзилган шарҳдир. Абу Бакр ал-Косонийнинг бу асари 1327-1328 йиллари Қоҳирада чоп этилган. Нафақат ислом оламида, балки Ғарб олимлари орасида ҳам машҳур бўлган бу фиқҳий асар ҳозиргача ўз мавқеини йўқотмаган. Ғарб олими В.Маделунгнинг ёзишича, бу асар ҳанафий фиқҳий асарлари орасида кейинчалик ҳам унинг даражасига [ҳеч ким, ҳеч қайси асар] ета олмаган маҳорат намунасидир .

Ал-Косоний, шунингдек, теология соҳасида «ас-Султон ал-мубин фи усул ад-дин» номли асар ҳам ёзган. 

Алоуддин ас-Самарқандийнинг талабаларидан яна бири, илм аҳли орасида эътиборли бўлган Зиёуддин Муҳаммад ибн ал-ҳусайн ибн Наср ибн ‘Абд ал-‘Азиз ал-Банданижий ал-Навсўхий  қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр илм соҳибларининг энг буюкларидан, “Ал-ҳидоя” асари муаллифи Бурхонуддин Абу-л-Ҳасан, Али ибн Аби Бакр ибн ‘Абду-л-Жалил ал-Фарғоний ал-Марғиноний ар-Ришдонийга (ваф. 593Ҳ1197 й.) фиқҳ ва ҳадис илмларидан сабоқ берган устоздир . Алломанинг Яна бир шогирди Абу Саъд Абду-л-Карим ибн Муҳаммад ибн Мансур ас-Самъоний ат-Тамимий ал-Марвазий (1112-1167) ўз даврининг йирик этнографи, географи ва тарихчиси бўлган. У “Муъжам ал-машойих”, “Амоли”, “Тироз ул-мазҳаб фи одоби-т-талаб”, “Туҳфат ал-мусофир ва-л-маносик”, “ал-Му‘жам ал-кабир”, “Духул ал-ҳаммом” ва “Китоб ал-ансоб” номли асарлар ёзиб қолдирган . Унинг “Китоб ал-ансоб” ёки “Ансоби Самъоний” номли шарқ мамлакатлари георафияси ва шарқ халқлари этнографиясига оид асари жуда қимматлидир, асар Самарқандда 1156 йилда тасниф қилинган. Бу асарда Самъоний ўз устози Алоуддин ас-Самарқандий ҳақида шундай ёзган: “У Бухорога ўрнашиб қолган бўлиб, фатво, мунозара, усул ва калом соҳаларида устун бир олим эди. Менга “ижоза”(дарс бериш ҳуқуқи) бергандир“ . 

Алоуддин ас-Самарқандийнинг шогирдлари силсиласи:

Алоуддин  Самарқандийнинг Марказий Осиё илм-фани ривожланишида тутган ўрни

Тарихий манбалар Алоуддин Самарқандий яшаган даврда Мовароуннаҳрда сиёсий ғалаёнлар, маданий тушкунлик ҳукм сурган эди, деб гувоҳлик берсада, аммо илмий тараққиёт бир қадар ўз ўрнига эга эди. Буни диний ва дунёвий илмларнинг қай даражада ривожланганлигидан кўриш мумкин. ХI-ХII асрларда Мовароуннаҳр Шарқнинг илм-фан ривожланган йирик ўлкаларидан бирига айланган эди. Шу даврга келиб диний илмлар юксак даражада ўрганила бошланди, чунки диний илмларга эътибор катта эди. Сабаби, турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида ўзаро зиддиятларнинг кучайиб кетиши бўлиши мумкин. Чунки бу вақтда шиалар ва хаворижлар, муътазилийлар ва мотуридийлар, шофиъийлар ва ҳанафийлар ўртасида келишмовчиликлар авж олган эди. Бу муаммоларни ҳал этиш эса асосан фақиҳлар зиммасига тушар эди. Муаммоларни асосли далиллар, ҳужжатлар билан бартараф этиш зарурияти сезилди. Шунга кўра, Мовароуннаҳрда фақиҳлар фаолияти кучайди. Бу даврда яшаб ижод этган Мовароуннаҳр ҳанафий фақиҳларидан – Ад-Дабусий Абу Зайд (ваф. 430ҳ. 1063 й.), ал-Ҳалвоъий (ваф. 456ҳ. 1063 й.), Абу Бакр Муҳаммад ас-Сарахсий (400-481ҳ. 1009-1090), ал-Паздавий Али (ваф. 482ҳ. 1089 й.), ас-Садр аш-Шаҳид Умар (ваф. 536ҳ. 1141 й.), ан-Насафий Умар (ваф. 537ҳ. 1142 й.), Ибн Моза Маҳмуд (ваф. 570ҳ. 1174 й.), ал-Аттобий Аҳмад (ваф. 586ҳ. 1190 й.), ал-Косоний Абу Бакр ибн Масъуд (ваф. 587ҳ.1191 й.), Қозихон (ваф. 592ҳ. 1196 й.) ва ал-Марғиноний Али (ваф. 593ҳ. 1197 й.) ни айтиш мумкин. Фиқҳнинг фуруъ ва усул соҳаларида самарали ижод қилдилар. Мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишда жонбозлик кўрсатдилар. Шу ўринда Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг йирик вакилларидан Шамс ул-ислом Алоуддин ас-Самарқандий (ваф. 539ҳ. 1144 й.) ҳам алоҳида ўринга эга бўлиб, диний илмларнинг барчасини мукаммал эгаллаган. 

Алоуддин ас-Самарқандий ёзган тафсир Калом илми асосида эканлиги ва бу ислом ақидасининг буюк алломаси Абу Мансур ал-Мотуридий тафсирининг шарҳи эканлиги унинг калом, ислом ақоиди борасида ҳам етук олимлигидан далолат беради. Бу асарнинг айни зарур вақт — Мовароуннаҳрда турли ақидавий ихтилофлар кучайган пайтда ёзилганлиги, олимнинг энг долзарб ва муаммоли масалаларни ҳал этишда ҳозиржавоб аллома эканлигини кўрсатиб турибди.

Буюк олимнинг фиқҳ соҳасидаги фаолияти жуда юксакдир. Унинг ҳам фуруъ, ҳам усул илми борасида етук олим бўлганлиги  асарларида яққол сезилиб турибди. 

Алоуддин ас-Самарқандий илмий фаолиятининг эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, у ўз мактабини ўз илмий услубини ярата олди. У тарбиялаган шогирдлар фиқҳ илми, хусусан, Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг ривожланишида етакчи ўринларни эгалладилар. Қизи Фотиманинг «буюк фақиҳа» даражасига етишиши бу аёлга катта шуҳрат келтирган. Бу эса  ўрта асрларда Мовароуннаҳрда аёлларга исломнинг муносабати, аёлларнинг эса илмга бўлган муносабатлари қандай бўлганлиги ҳақида қимматли маълумотлар олиш имконини беради. 

“ТУҲАФАТ АЛ-ФУҚАҲО» АСАРИ ҲАҚИДА

Алоуддин ас-Самарқандийнинг фуруъ ал-фиқҳга оид бу асари ҳуқуқшунослик соҳаси ва жамиятдаги мавжуд муаммо ва масалаларга бағишланган бўлиб, ўша даврда илмий тил ҳисобланган араб тилида ёзилган. Лекин асарда баъзи бир форсий калималар ҳам учрайди. Асардаги арабий ва форсий жумлаларнинг жуда тўғри тузилганига кўра, Мовароуннаҳр шаҳарларида XI-XII асрларда араб ва форс тилларидан яхши таълим берилганлигидан далолат беради. 

 “Туҳфа” ўрта асрларда яратилган фиқҳий манба сифатида ХХ асрнинг ўрталарига келиб юзага чиқди. Хорижий тадқиқотчилар томонидан шу кунгача қисман бўлса-да, ўрганиб келинмоқда. Бизнинг диёримизда эса бу асар ҳамда муаллифнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилмаган.

 Алоуддин Самарқандий “Туҳфа…”ни ўз даврида яратилган луғавий, фиқҳий асарлар асосида ёзган. Асар муқаддимасида Самарқандий ушбу китобни Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Жа‘фар ибн Ҳамдон ал-қудурийга (362-428Ҳ973-1037 Бағдодда вафот этган) мансуб «Ал-Мухтасар» асари асосида ёзганлигини айтади ва бу ҳақида шундай дейди: 

«Фақиҳларнинг ушбу китобга қизиқишлари ортиб, уларнинг баъзилари, яъни дўстларим ва биродарларим мендан илм аҳлига  фойдаси кўпроқ бўлишлиги учун қисмлар ва фаслларга ажратиш,  муаллиф тушириб қолдирган айрим муаммоли масалаларни кучли илмий далиллар асосида зикр этиб,  ечиб беришни талаб қилдилар…». 

Жумлада талаб калимаси келишига кўра, Самарқандий ўша даврда замонасининг бундай вазифани уддалай оладиган етук фақиҳи бўлганлигидан далолат беради.

Муқаддима матнида келган «…тезроқ ижобат қилиш ва тамомлашга шошдим…» жумласида келган «ал-ис‘оф» араб тилида одатда тез ёрдам кўрсатиш маъносида кўпроқ учрайди, шунга кўра ўша даврдаги бирор бир омил ёки сабабга биноан (яъни, фиқҳий масалаларни ҳал этишда турли муаммо-келишмовчиликларнинг пайдо бўлиши ва бундай вазиятда, албатта далил-исботли ҳужжатларгина эътиборли бўлишини ҳисобга олиб) бу каби зарурият вужудга келган дейиш мумкин.

Шунингдек яна бир эътибор бериш керак бўлган нуқта борки у ҳам бўлса ас-Самарқандийдан бу вазифани бажариб беришни талаб қилган кишилар бу ерлик эмас (бухоролик, эҳтимол мовароуннаҳрлик ҳам) балки ўзга юртдан келган вакиллар (ёки ас-Самарқандийнинг шогирдлари ёхуд узоқ муддатга келган меҳмонлар) бўлиб, асарни улар учун шундай номланганини зикр этади. Жумладан, муаллиф шундай дейди: «Уларга биродарлик ва дўстлик ҳаққи ҳурматидан, ўз ота юртларига борганларида менинг ҳадям бўлсин деб, уни «Фақиҳлар учун туҳфа» деб атадим». Бироқ, бу ҳақда манба ва маълумотлар етарли эмас. Алоуддин ас-Самарқандийнинг фиқҳга оид бу асарида XI-XII асрларда Мовароуннаҳрдаги маҳаллий зироат ва иқтисодий ҳаёт шароити, халқларнинг урф-одатига оид кўплаб қимматли маълумотларни учратиш мумкин. Демак, бу асар ёзилишига ўша даврдаги ижтимоий, сиёсий ва диний вазият тақозоси сабаб бўлган деган хулосага келиш мумкин.

Фиқҳий масалалар асосан ибодат ва муомалот масалаларига бўлинади. Ўша давр муҳитини назарда тутган ҳолда асардаги жами мавзулар олтита катта қисмга жамланди. 

Бу кўрилган масалаларнинг моҳияти ва жорий даврдаги мавжуд шарт-шароитларини яққолроқ тасаввур қилиш учун жуда қулай имконият яратади деб ўйлаймиз. Мавзуларнинг ушбу тартиби тадқиқотчи томонидан тузилган. Бу каби таҳлил услуби ҳозирча янгилик бўлиб, биринчи марта амалга оширилмоқда. Асар матнидаги мавзулар аслида бошқача услубда, яъни муаллиф нуқтаи назаридан  муҳим ҳисобланган масалаларни олдинга қўйиш тартиби асосида амалга оширилган. 

Ибодат масалалари қисмидаги масалалар асосан тоат-ибодат мавзулари, яъни Аллоҳ ва банда ўртасидаги муносабатларни акс эттиради. 

Муомалот масалалари қисмида эса банда билан банда, яъни инсонлар ўртасидаги муомалот муносабатлари шариат ҳукмлари асосида акс эттирилади. 

 «Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарида ибодат масалалари

«Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарининг ичида жойлашган китобларнинг тартиби ва фиқҳий асарларнинг анънавий тузилишига кўра аввало ибодатга доир масалалар кўриб чиқилган. Асарнинг боши бевосита Ислом рукнларига тегишли бўлиб, тартиби қарийб ҳамма фиқҳий асарларда бўлгани каби маълум қатъий тартибда берилган . 

Ибодат масалалари асарнинг қарийб учдан бирини ташкил қилади. Бу эса маҳаллий шароитда исломлашув жараёнининг ибодат масалаларига қанчалик эътибор билан қаралганлигини кўрсатади. Масалаларни ҳал этишда муаллиф кўплаб манбаларга мурожаат қилган. 

Алоуддин Самарқандий яшаган даврда диний муҳитни янада яққолроқ тасаввур қилиш учун ибодат масалалари ичидан Покланиш китоби мисол қилиб келтирилади. Муаллиф манбалардаги мавжуд фикр ва далилларни келтириб, ҳанафий фиқҳи билан қиёслайди. Муаммоли масалани ҳанафийлик нуқтаи назаридан ҳал этади. Асарда бирор масалани ҳал этишда оят-ҳадислардан далил келтирилгач, мазҳаб соҳиблари бўлган мужтаҳидларнинг фикр ва далиллари баён этилади. Лекин шу нарсага диққатни қаратиш лозимки, муаллиф асосан, Абу ҳанифа, Молик, Шофи‘ийларнинг далилларига мурожаат қилади, ҳанбалий мазҳаби вакилларининг бирорта ҳам фикри келтирилмаган. Бу ҳолат эҳтимол ўша даврда ҳали ҳанбалийлик мазҳаб сифатида тўла тан олинмаганлигидан ёки мазкур мазҳаб асосида фиқҳий асарлар мавжуд бўлмаганлигидан дарак беради. Манбаларда ҳанбалий фиқҳ мактаби XI асрга келиб шаклланган бўлса-да, бироқ унинг ҳукмларини ўз ичига олган асарлар кечроқ ёзила бошлаганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Улардан бири, Муваффақ ад-дин ибн қудоманинг (1146-1223) Китоб ал-‘умда фи аҳком ал-фиқҳ асаридир. Иккинчиси Ибн Таймийанинг (1263-1328) XIII аср охирларида ёзган Китоб ас-сийоса аш-шар‘ийа асаридир .

Асарнинг ибодат қисмидаги покланиш китоби асосида махсус жадвал тузилиб (4-иловага қаранг), қуйидаги тартибда тасниф (систематизация) қилинди: 

1. Мавзуда келтирилган мўътабар манбалар (оят-ҳадис): 

– бу қисмда муаллиф томонидан мурожаат қилинган оятлар ва ҳадислар, уламолар ечимига иттифоқ бўлган ижмо‘ масалалари, мужтаҳидлар ечими бор масалага ечими йўқ масаланинг ҳукмини қиёслаган қиёс масалалари ва ҳанафийлик усул ал-фиқҳ услубида қабул қилинган истиҳсон  масалаларининг сони берилган. Бу беш асосга фақиҳ келтирган далилларнинг умумий сони 94 та бўлиб, улар муаллифнинг  усул илмидаги салоҳиятидан дарак беради.

2. Мазҳаб асосчиси бўлган мужтаҳидларнинг ҳукмлари:

– бу қисмда фақиҳ, йирик мужтаҳидлар ҳукмларидан қиёсий тарзда келтиради ва таҳлил этади. Улар берган фатволарнинг асосини аниқлашга ҳаракат қилади. Шунингдек юқорида айтилганидек, уч мазҳаб бошиларнинг фикридан далил келтиради. ҳанбалий фиқҳи вакилларидан бирор-бир далил берилмаган. Ушбу қисмда зикр этилган уч мужтаҳиднинг умумий 121 та фатвоси келтирилган. Бу эса Алоуддин ас-Самарқандийнинг ҳанафийликдан бошқа мазҳаблар фиқҳидан ҳам яхши хабардор эканлигидан далолат беради.

3. Мазҳаб мужтаҳидларининг (مجتهد في المذهب) ҳукмлари:

– бу қисмда муаллиф ўзи кучли мужтаҳид бўлса-да мазҳабга риоя қиладиган мазҳаб мужтаҳидлари фикрларидан келтирган далиллари жамланган. Улар турли ўлкаларнинг урф-одатларидан келиб чиқиб берган фатволари муаллифга яхши маълум бўлганлигидан у масалани турлича ечим асосида келтириб ўтади. Бу эса бирор муаммога йўлиққан киши мазкур фатволарнинг ижроси асосида иш кўриши мумкинлигига имкон беради. Мазкур қисмда мазҳабдаги уч мужтаҳиднинг 143 та умумий фатвоси келтирилган.

4. Турли фақиҳларнинг қарашлари (ҳукмлари):

– бу қисмда келтирилган турли фақиҳларнинг фатволари ададидан Алоуддин ас-Самарқандийнинг фиқҳ илмидаги салоҳияти ва масалага масъулият билан ёндашганини кўриш мумкин. Келтирилган фатволарнинг умумий сони 60 та бўлиб, жами ўттизта фақиҳнинг номи зикр этилган.

5. Фиқҳга оид асарлардан келтирган далиллари:

– бу қисмда келтирилган ўн учта асардан олинган 55та иқтибос (цитата) муаллифнинг ўз даврида мавжуд бўлган фиқҳий асарлар билан яхши таниш бўлганлигидан далолат беради. Шу билан биргаликда «Туҳфат ал-фуқаҳо’»  асарининг библиографик таркибини ўрганиш учун ҳам муҳим маълумот бўла олади.

6. Алоуддин ас-Самарқандийнинг фатволари ёки таржиҳ қилган масалалари:

– бу қисмда бевосита муаллиф берган ҳукмларнинг сони жамланган. Фақиҳнинг тўққизта турли атамалар асосида берган 166 та фатво ва ҳукмлари Алоуддин ас-Самарқандийнинг фақиҳлиги қай даражада эканини белгилаб бериши мумкин.  

7. Асарда келтирилган турли истилоҳ (термин)лар:

– бу қисмда фақиҳ қўллаган турли атамаларнинг сони жамланган бўлиб, юқорида айтилган фикрлар каби бу ҳам Алоуддин ас-Самарқандийнинг ўзига хос услубини аниқлаш имконини беради.  Покланиш китоби  мавзусида муаллиф ўн тўрт хил турли истилоҳ (термин)ларни 102 маротаба қўллаган.

 Шунингдек «Туҳфа» бошқа асарларга қиёслаб кўрилганда Самарқандий «Китоб ал-жаноза»ни бошқа асарлардан фарқли равишда алоҳида келтирган. Бу мавзу: марҳумга жаноза намозини ўқиш ҳақидаги ва дафн этиш ва шаҳидлик ҳукми ҳақидаги  каби бобларга ажратилган . Масалан, асарда шаҳидлик ҳукми ҳақида бир қатор масалалар баён этилган. Жумладан, кафанлаш (ÇáÊßÝíä), поклаш (ÇáÛÓá), шаҳидга (жаноза) намозини ўқиш (ÇáÕáÇÉ Úáì ÇáÔåíÏ) кабилар. Кафанлаш масаласида Самарқандий шундай ёзади: «…кафанлашда: ўлдирилган кийимида кафанлаш лозим бўлади…» . Поклаш масаласида, «Уҳуд шаҳидлари»га қиёслаган ҳолда бир қатор ҳукмларни баён қилади: …… «…агарда кимки жангда, хоҳ у душман кофирлар томонидан, хоҳ қароқчилар томонидан, хоҳ исёнчилар томонидан ёҳуд у ўз жонини ёки аҳлини (оиласини) ёки мусулмонларни ёки аҳли зиммани (яъни, мусулмонлар диёрида яшаётган бошқа дин вакилларини) ўлимдан қутқариш сабабли ўлдирилган бўлса, бундай ҳолатда у шаҳид бўлади. Чунки, юқоридаги ҳолатларнинг барчасида Уҳуд шаҳидларининг ҳукми берилади…» . 

Шунга кўра, у яшаган даврда турли урушлар оқибатида ўлганлар, шаҳидларнинг сони кўп эканлиги, ёки бу асар фақиҳлар-имомлар учун қўлланма бўлганлиги ва уларнинг бу масалага доимий тўқнаш келганликлари сабабли ёхуд Самарқандий қабристонга яқин жойда яшаган ва бу масалага унинг ўзи доим дуч келган бўлиши эҳтимол, деб хулоса қилиш ҳам мумкин. 

«Туҳфа»да яна закот масалаларига ҳам кенг жой ажратилган. Муаллиф закотнинг қонун-қоидаларини баён қилар экан, аввало мавжуд иқтисодий шароитдан келиб чиқади. У тилла ва кумушнинг ўша даврдаги қадр-қимматини, турли қимматбаҳо буюмлардан бериладиган закотни баён қилади. Яна бир эътиборли томони шундаки, муаллиф ўша даврдаги Мовароуннаҳрнинг ички ҳолати тақозосига кўра чорва моллари кўплиги, халқ асосан чорва билан шуғулланганлиги сабабидан туёқ ҳисобида бериладиган закот моллари жуда муфассал тушунтириб ўтилган. Бунга Самарқандий давридаги кўчманчи ҳаёт таъсирида ривожланган чорвачилик кучли туртки бўлган бўлиши мумкин.  

«Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарида иқтисодий-молиявий масалалар

Ибодат масалаларидан сўнг му‘омалот қисми масалалари келтирилган. Бу қисмда энг аввал иқтисодий-молиявий муаммоларга оид ўн битта масала жамланган. Юқоридаги тартибга биноан иқтисодий-молиявий масалалар бўлимининг аввалида берилгансавдо китоби ўша давр муаммоларидан келиб чиқиб, батафсил баён қилинган. Мавзу бир неча боблар ва икки бўлимдан иборат бўлиб, улар: қарз боби, Кўпайтириш (кредит) боби Олди-сотди ҳақидаги боб, Шаръан нодуруст бўлган савдо ҳақидаги боб, Шаръан нодуруст бўлган савдонинг ҳукми ҳақидаги иккинчи бўлим Шарт қўйиш ихтиёри ҳақидаги боб, Кўришни ихтиёр қилиш ҳақидаги боб Айблик нарсани кўриб ихтиёр қилиш ҳақидаги боб Шартномани бузиш, ким ошди савдоси ва шунга ўхшаш амаллар ҳақидаги боб кабилардан иборат.

Бу мавзудаги масалалар қандай ёритилганлигини билиш учун мисол тариқасида қарз бобидаги қарзга берилаётган нарсанинг ўн бир шарти ҳақидаги масалада муаллиф мисол тариқасида буғдой ёки сули қарзга берилганда, «уни фалон қишлоқ ёки фалон ердаги каби офат уриб кетди» дейилса қарздан кечиб юбориладими ёки йўқми  деган масалада шундай ёзади: «агар ҳиротда бўлса жоиз эмас. Баъзи машойихларимиз қиёс қилиб, агар Самарқанд ёки Бухорода бўлса жоиз эмас, агар Хуросон ва Фарғона вилоятларида бўлса жоиз, дейдилар» . Бизнинг тахминимизча, муаллиф бу ерда географик иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда масаланинг ечимини баён қилган бўлса керак. Чунки бу вилоятларда қурғоқчилик пайтида чигиртка офати босиб туриши, сел босиши ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

Мовароуннаҳрда қорахонийлар ҳукмронлиги даврида иқто‘ (إقطاع) атамаси билан маълум бўлган шартли ер эгалиги кенг тарқала бошлади . Алоуддин Самарқандий ўз асарида суғориш китобида бу масалага тўхталиб ўтади. Муаллиф мавзуни икки қисмга бўлиб, ўрганади : 

а) Суғоришга оид ҳукмлар;  б) Ерга оид ҳукмлар; 

Биринчи қисмни ўз ўрнида тўрт навга ажратади: 1) мамлук (эгалик) сувлар; 2) қудуқ, ҳовуз, булоқ сувлари; 3) кичик дарёлар; 4) катта дарёлар (Фурот, Дажла, Жайҳун (ҳозирги Амударё) сингари).

Иккинчи қисм бир неча навларга бўлинган: 1) мамлук ерлар; 2) хароб ерлар; 3) мубоҳ ёки ўлик ерлар. Мубоҳ ерларни муаллиф икки турга тақсимлайди: 1) қишлоққа яқин ерлар; 2) қишлоққа яқин бўлмаган ерлар (аҳоли яшамайдиган).

Муаллиф ҳар бир нав ва турларга тегишли ҳукмларни батафсил баён қилган. Аммо бир нарсага диққатни қаратиш лозимки, Алоуддин Самарқандий иқто‘ атамасини умуман ишлатмаган. Туҳфанинг шарҳи бўлган Бадо’и‘да эса ал-Косоний иқто‘  атамасини қўллаган ва ҳукмларини ёзган. Бу қиёслашдан иқто‘ атамаси илк бор қўлланган даврни тахминан аниқлаш мумкин бўлади .

Умуман олганда кўриниб турибдики, ҳақиқатан ҳам савдо-сотиқ масалалари ғоят муҳим бўлган. 

«Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарида маиший масалалар

Кейинги ўринда асардаги маиший масалаларга доир бешта мавзу киритилган.  Маиший масалаларнинг энг аввалида никоҳ ва талоқ муаммолари баён этилади (никоҳ мавзуси асарда саккизинчи, талоқ мавзуси тўққизинчи ўринда берилган). Бунда муаллиф никоҳни тўрт бобга, талоқни эса ўн икки бобга тақсим қилган ҳолда масалаларни жамлайди. 

Никоҳ китобида энг аввал шаръий никоҳнинг сифатлари баён қилинган боб мавжуд бўлиб, унда никоҳнинг «арконлари» «шартлари» ифода этилган. Ва яна бу бобда никоҳнинг қонуний бўлишига монелик қилувчи сабаблар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилган. Масалан, қариндошлик сабабли никоҳланиш мумкин бўлмаган  ўринларни келтириб ўтамиз. Муаллиф (аёл ёки эр) кишининг никоҳига моне бўлгувчи қариндошликни етти фирқага ажратади: оналарига қизларига ака-укаларига, аммаларига, холаларига, ака-укасининг қизларига (жиянлари), опа-сингилларининг қизларига (жиянлари). Муаллиф «мана шулар ҳақида никоҳ ва ват’и (жинсий алоқа қилиш) ҳаром бўлади (яъни манъ қилинади)» деб қатъий ҳукмни баён қилади ва бунга далил сифатида қуръондан (ан-Нисо’) 4. 23-24 оятларини келтиради. Шу каби яна кўплаб муҳаррамотни (никоҳланиш мумкин бўлмаган аёллар) ҳам баён этган . Фақиҳнинг бу масалани батафсил баён қилишига кўра, муаллиф бу масалада ҳам қорахонийлар давридаги урф-одатларда ана шундай яқин уруғ-аймоқ қариндошларга никоҳланиш одатининг олдини олиш ҳаракатларини кўриш мумкин. Бу масалани янада аниқроқ ҳолатда оммага етказиш зарур, чунки бу жамиятимиздаги шу масала билан боғлиқ муаммолар ҳал етилишида манба вазифасини ўтаган бўлар эди .  

Яна бир мисол тариқасида маҳр бобини келтирилади. Бу мавзу  ҳатто ҳозирги кунда ҳам мавжуд бўлган баъзи оилавий можароларга сабаб вазифасини ўтамоқда. Шунинг учун бу мавзуни халқимизга фиқҳ нуқтаи назаридан батафсил етказиш лозим.

Муаллиф бу бобда энг аввал маҳрнинг никоҳ қонуний бўлиши учун шарт эканлиги баёни масаласи кўриб ўтилган. Алоуддин Самарқандий ёзади: «Албатта маҳр никоҳнинг қонуний бўлиши шартидир. ҳаттоки маҳрсиз никоҳ жоиз эмас. Агар бир киши бир аёлга маҳрсиз ёки унга маҳр бермаслигини шарт қилиб уйланса ва бунга аёл кўнса, унда никоҳ ўқилади, аммо шундай ҳолатда ҳам ҳанафиййа мазҳабида уйланаётган киши маҳри мисл бериши вожиб (мажбурий)дир. Бироқ аш-Шофи‘ий мазҳабида маҳрсиз никоҳ жоиздир» .

Муаллиф бу масаладан кейин маҳрнинг миқдори мавзусини баён қилади. Муаллиф ёзади: «Биз (ҳанафийлар)да маҳрнинг миқдори белгиланган бўлиб, у ўн кумуш дирҳам ёки бир соф олтин динордир. Аммо аш-Шофи‘ий мазҳабида: маҳрга миқдор йўқ, унинг ози ҳам, кўпи ҳам бўлаверади» .

Ҳозирги давримизда маҳрнинг ўртача миқдори турли жойларда ҳар хил бўлиб, бир тилла тақинчоқдан бир неча минг сўмгача боради. Лекин кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, баъзи жойларда урф-одатга айланиб қолган «маҳрга бир уй, бир айвон» ёки «маҳрга фалон ҳовли, фалон машина» деганда маҳрга берилган бу буюмлар бир умр шу аёлнинг мулки бўлиб қолишлигини унутмаслик лозимки, бу ҳолат кейинчалик салбий ҳолатларга олиб келмасин.

Муаллиф яна маҳр бўлишга ярайдиган ва маҳр бўлишга ярамайдиган нарсалар масаласини ҳам баён қилади ва шундай ёзади: «Маҳр кишилар наздида қийматли нарса бўлиши лозим. Агар қиймати бўлмаса никоҳ жоиз эмас. Бир киши бир аёлга пул ёки мулкларга ўхшаш нарсаларни маҳр қилиб берса, масалан, ҳовли, ҳайвон, қимматбаҳо буюмлар каби, у ҳолда никоҳ жоиз» . 

Умуман олганда муаллиф бу бобда маҳр масалаларини тўла-тўкис ва батафсил баён қилган.

Бу мавзунинг кейинги бобларида никоҳ валийси нафақалар боблари ҳақида маълумот беради.

Алоуддин Самарқандий маиший масалаларни баён қилар экан Талоқ мавзусига ҳам катта эътибор беради. У бу мавзуни юқорида айтганимиздек ўн икки бобга тақсимлайди. Булар, Талоқнинг турлари ҳақидаги боб Талоқ иҳтиёрини бериш ҳақидаги боб Истисно ва бошқа ҳолатларда талоқ қилиш ҳақидаги боб Ажратиш боби, Хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичиш боби, Зиҳор боби, Лаънат қасамини ичиш ҳақидаги боб, Жинсий заиф (импотент)ни ажратиш боби, Боқиш, тарбиялаш (боғча, яслида) ҳақидаги боб, Эмизиш ҳақидаги боб, ‘Идда боби, ‘Идда ўтирган аёлга шарт бўлган нарсалар ҳақидаги  каби боблардир.

Бу бобда ҳам кўриниб турибдики, муаллиф шу мавзуга тааллуқли барча масалаларни қамраб олишга ҳаракат қилган. 

Маиший муаммоларга тегишли яна бир мавзу қасамлар масаласидир. қасамлар мавзуси асарда ўн биринчи ўринда ўз баёнини топган. Бу мавзуга оид масалалар ҳам муҳим бўлиб, ўша даврда маиший ҳаётда турли қасамхўрликлар авж олганлиги сабабли ушбу мавзуга кенгроқ эътибор берилган бўлиши мумкин.

Яна бир мавзу «рухсат ва манъ этиш китоби» даги масалаларга келсак, унда муаллиф кўпроқ эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларга тўхталади. 

Маиший масалаларни ўз ичига олган бошқа мавзулар ҳам ўз даврининг долзарб муаммоларидан келиб чиқиб ёзилгандир. 

«Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарида ахлоқий масалалар

Асардаги мавжуд мавзуларнинг кейинги тартиби бўйича бевосита ахлоқий масалалар муаммоларига тўхталиб ўтамиз. Бу бўлимга еттита мавзу жам этилган. 

Муаллифнинг қул озод қилиш мавзусидаги китоби киритилган бўлиб, фақиҳ унга алоҳида эътибор билан ёндашади. Ушбу китоб етти бобга тақсимланган, улар: қул озод қилишнинг турлари ҳақидаги боб, қул озод қилиш ҳақидаги яна бошқа бир боб, Хожасидан фарзандли бўлган чўри ҳақидаги боб, Озод бўлиши бирор нарса билан шарт қилинган қул ҳақидаги боб, Шартнома қилинган қул ҳақидаги боб, қулнинг озод бўлишига ҳомийлик қилиш ҳақидаги боб, ҳимояга олиш ҳақидаги боб. Бу мавзуга муаллифнинг катта ўрин берганлигини ўша давр руҳидан келиб чиққан ҳолда шундай баҳолаш мумкин, яъни юқорида кўриб ўтилганидек, қорахонийлар даврида Мовароуннаҳрда ўзаро урушлар, ҳокимият талашишлар кўпайган. Бунинг оқибатида ўлганлар, асирга олинганлар кўп бўлган. Одатда асирлар қул сифатида ишлатилган ёки сотиб юборилган. Шунга кўра қуллар мавзуси ўз даврида муҳим масалалардан ҳисобланган. Шундан келиб чиқиб, Алоуддин Самарқандий бу мавзудаги масалаларни шариат нуқтаи назаридан батафсил ёритишга уринган. Агар мавзуга умумий ёндашадиган бўлсак, асосий фикр қулларга яхши муносабатда бўлиш, агар имкон туғилгудек бўлса, уларни озод қилиш кабиларга қаратилган. ҳаттоки, муаллифнинг ёзишича, агар хўжайин ўз қулини бу менинг акам ёки бу менинг амаким ёки бу менинг тоғам каби сўзлар билан атаса ҳам бу қул озод бўлиб қолади . Бундай мисолларни бу бобда кўплаб учратиш мумкин.

Умуман олганда XI-XII асрларга келиб Мовароуннаҳрда ахлоқ масалалари юқори ўринга чиқиб қолди. Ўша давр маданияти масаласида манбаларда салбий ҳолатлар ҳақида маълумотлар кўпроқ учрайди. Бироқ воқеликда айнан шу даврга тегишли кўплаб маданий ёдгорликлар, улкан ва беқиёс услубда бино қилинган мадрасалар, масжидлар ва саройларнинг ҳозирги кунгача сақланиб қолган қисмига кўра бу пайтда маданият анча-мунча равнақ топган. Алоуддин Самарқандий баён қилган масалаларнинг мазмунига кўра у исломий аҳлоқни янада такомиллаштириш, комил инсон бўлиб шаклланишдаги ўз фикр-мулоҳазаларини фатволари орқали билдирган бўлиши эҳтимол.

Юқоридаги мисоллардан хулоса қилиб, Алоуддин Самарқандий ҳам бу масалаларга катта эътибор берган бўлиши эҳтимол дейиш мумкин. қолаверса, у ўз фаолияти ва асарлари билан нафақат дин, балки исломий маданиятни янада юксалишига харакат қилгандир.

«Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарида ҳуқуқий масалалар

Иш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, фиқҳ илми фақатгина ҳуқуқшуносликнинг ўзигина эмас балки жамиятда мавжуд барча мавзуларни қамраб олган мукаммал бир илм (дастур)дир. Шу сабабдан бу ишда мавзуларни бир неча қисмларга ажратиб ўрганиш зарур деган хулосага келинди, яъни ҳуқуқий масалаларнинг ўзи ҳам алоҳида бир бўлим қилиб ажратилди.

Муаллиф ўз асарининг шу мавзуга бағишланган масалаларида ҳуқуқшунослик соҳасининг энг дорзарб муаммоларига диққат эътиборини қаратган. Буни ушбу бўлимга киритилган мавзулардан ҳам кўриб ўтиш мумкин. 

Масалан, хун (тавон) тўлаш китобига киритилган масалаларни олсак, уни муаллиф икки бобга: Уловлик ва шу каби кишининг хуни ҳақидаги  ва ўлдирилган кишининг хунини тақсимлаш ҳақидаги  каби бобларга ажратади. Бунда муаллиф қатлнинг турлари, қасос  масалалари, қасддан ўлдириш  масалалари, билмай ўлдириб қўйиш  масалалари, бир сабаб билан ўлдириб қўйиш масалаларига батафсил тўхтайди.

Баданга жароҳат етказиш масаласида шундай ёзади: 

— «агар бирор кишининг — кўкрак қисмига, елкасига, қорнига, бўйнига, томоғига, қўлларига ва оёқларига жароҳат етказса, хун (товон)нинг 3/1 ни тўлайди. «

Муаллиф ҳомила масаласида ҳам тўхталиб ўтади. У шундай ёзади: «агар бир киши бирор ҳур (ҳомиладор) аёлнинг қорнига урса ва у аёлнинг хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, ҳомиласи ўлик ҳолда тушиб қолса: у кишига беш юз динор қийматга эга бўлган яхши бир қул ёки чўрини озод қилиш вожиб бўлади. Агар бола тирик туғилса-ю, шу заҳоти ўлса унда ҳам тўла-тўкис хун (товон) тўланади. Чунки у (ҳомила) тўлиқ инсонга айланиб қолгандир.»  

Ва яна  хун (товон)ни қанча миқдорда тўлаш, қандай тўлаш каби масалалари хусусидаги жуда муҳим маълумотларни келтиради. Масалан, » ҳур (озод) кишиларга тўла-тўкис хун тўлаш вожибдир. Хоҳ катта-ю кичик, улуғ ва хақир, муслим ва зиммий бўлсин тенгдир .» Яна муаллиф хуннинг миқдори ҳақида ҳам жуда қизиқ ва қимматли маълумотларни келтиради. Уларни қуйидагича ифодалаш мумкин:

Фақиҳнинг номиКимгаМиқдори қанча

Шофи‘ий:яҳудийга4000 кумуш дирҳам

насронийга4000 кумуш дирҳам

мажусийга800 кумуш дирҳам

Абу Ҳанифа:ҳур (озод муслим)га1000 соф олтин динор 

-ҲҲ-ёки 10 000 кумуш дирҳам

-ҲҲ-ёки 100 та туя

Абу Юсуф, Муҳаммад :-ҲҲ-ёки 200 та сигир

-ҲҲ-ёки 1000 та қўй

-ҲҲ-ёки 200 жуфт кийим-бош

Алоуддин

Самарқандий :-ҲҲ-1000 соф олтин динор

-ҲҲ-ёки 10 000 кумуш дирҳам

-ҲҲ-ёки 100 та туя

-ҲҲ-ёки 200 та сигир

-ҲҲ-ёки 2000 та қўй

-ҲҲ-ёки 200 жуфт кийим-бош

Юқорида баён қилинган жадвалдан кўриниб турибдики, Мовароуннаҳрда турли дин вакилларига турлича муносабат мавжуд бўлган. Ва яна бундан нарсаларнинг қиймати ва шу орқали пулнинг қийматини аниқлаш мумкин бўлади. Яъни, динор ва дирҳам, туя, сигир, қўй каби чорва молларининг ўзаро қийматини, кийим-бошларнинг тахминий ўртача қийматини тасаввур қилиш мумкин бўлади. Шунингдек бу жадвалдан тўланадиган товон асосан пул ва кийим-бошдан ёки чорва молидан белгиланганини кўриш мумкин, бу эса халқ орасида асосан савдогарлик ва чорвадорлик оммалашганлигини кўрсатади. 

Шунингдек муаллиф жазолар китоби мавзусига ҳам тўхтаб ўтади. Бу мавзуда зино, туҳмат   ва жазолаш масалалари кўриб ўтилган. Зино ҳақида муаллиф шундай ёзади: «Зино бу – ҳақиқий бўлмаган никоҳ билан жинсий қўшилишдир. Жинсий қўшилиш маълум ишдир…, аммо шарт шуки, шу (жинсий қўшилиш) харом бўлса (зино бўлади). Ва яна ўз никоҳида бўлса-ю, ҳайз ва нифос вақти жинсий қўшилиб қўйса, харом бўлади-ю аммо зино бўлмайди .»  Шунингдек, зинокорга бериладиган жазо дарра (тошбўрон ҳақида маълумот берилган ва асарда бу масала атрофлича ёритилган.

Туҳмат  масаласида ҳам муаллиф ёзади: «Туҳмат  икки хилдир: биринчиси, агар бир киши иккинчи бир одамни очиқ зинокорликда айбласа, унга тўртта гувоҳ келтиришлиги зарур бўлади. Агарда тўртта гувоҳ келтира олмаса, у ҳолда бу одам туҳматчи ҳисобланади ва ҳукмга кўра саксон дарра урилади. Иккинчиси, кишининг насл-насабига туҳмат  қилса, масалан, отаси маълум бўлган кишига «сен фалончининг ўғли эмассан» ёки отаси ҳақида «у сенинг отанг эмас»  деса у киши бу одамнинг онасига туҳмат  қилган, яъни «онанг зинокор» ёки «онанг зино қилган» деган бўлади ёки яна «эй зинокор (киши)нинг боласи” ёки «эй зинокор (аёл)нинг боласи» деса, саксон дарра урилади .»

Шунингдек муаллиф яна қозининг одоби масаласида тўхтаб ўтади.

Алоуддин Самарқандий ҳукм ҳақида шундай ёзади: – «ҳукм чиқаришга энг аввало Султон ёки шу мақомдаги киши ҳақли, чунки бу мансабдаги кишилар золимдан мазлумни инсоф (адолат) қила оладилар. Агар юқорида баён қилинган киши илми йўқлиги ёки бошқа ишлар билан машғул бўлганлиги сабабли бу ишни бажара олмаса, у ҳолда шунга салоҳияти бор, кишилар ичида энг фақиҳ ва энг тақводор киши тайинланади» . Яна бир ерда шундай дейди:. –»Агар, (қозиликка) икки номзод топилса, улардан бири энг фақиҳ, иккинчиси энг тақводор бўлса, тақводори танланади. Сабаби у бошқанинг илми {фатвоси} билан ҳукм чиқариши мумкин, (шунинг учун) тақво бўлиши ш а р т. Токи у пора умидида ноҳақни ҳақ деб шариат {ҳукми} чегарасидан чиқмасин» . 

Шунингдек муаллиф қозилик шартлари ва одоблари ҳақида батафсил маълумот берган. қозилик одобларидан масалан, муаллиф шундай ёзади – «қози ўзининг қариндошларидан, ажрим  бўлмасдан аввал бир-бирига ҳадя беришиб юрган эски суҳбатдош дўстидан, агар бу ҳадя пора сифатида бўлмаса, ҳадя (совға-салом) олиши мумкин.»

Алоуддин Самарқандий бу мавзуга доир яна кўплаб масалаларнинг ҳукмини баён қилади. Масалан, васиятлар китобини бир бўлим ва бир бобга (васият қилиш ҳақидаги бўлим ва васиятдан қайтиш ҳақидаги боб ажратади.

Умуман олганда муаллиф ҳуқуқий мавзуда жамланган масалаларда ўз даврининг талаби ва руҳидан келиб чиққан ҳолда энг долзарб масалаларнинг ҳукмларини баён қилган. Буларга асосланиб, ўша даврдаги ҳуқуқий вазият ҳақида анчагина тасаввурга эга бўлиш мумкин. Ваҳоланки, бундай маълумотлар бошқа турдаги манбаларда деярли учрамайди. Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки бу мавзудан жой олган масалалар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, агар ҳуқуқшунослар томонидан етарли равишда ўрганиб чиқиб керакли ўринларда баъзи ҳукмлар қўлланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди деб ўйлаймиз.

«Туҳфат ал-фуқаҳо’» асарида ижтимоий ва бошқа ҳаётий масалалар

Бу бўлимга киритилган масалалар мавзуси еттита бўлиб, улар турли мавзуларга оиддир. Муаллиф асарда келтирган ва муаллиф бу бўлимга киритган мавзулар ҳам юқоридаги бўлимларда баён этилган мавзулар каби ижтимоий ҳаётда кўп учрайдиган долзарб муаммоларни ўз ичига қамраб олади.

Масалан, ов китоби мавзусида муаллиф давр муҳити таъсиридан келиб чиқиб, ов масалаларини атрофлича ёритишга ҳаракат қилган. Унда асосан ов қилиш усуллари, қандай ҳайвонларни овлаш мумкинлиги, шарт ва шароитлари баён қилинган.

Муаллиф кейинги бобда исёнчилар ҳукми ҳақидаги масалаларни келтиради. Бу бобда қуръони Каримнинг ал-ҳужурот сураси 9-оятини ва бир неча ҳадисларни далил сифатида қўллайди. Алоуддин Самарқандий исёнчилар ҳақида келтирган масалалардан қуйидаги мисолни кўриш мумкин:–»агар исёнчилар ўлдирилса, уларга жаноза намози ўқилмайди…Лекин ювиб, кафанлаб, дафн этилади. Чунки бу мурданинг ҳаққидир .» 

Умуман олганда Алоуддин ас-Самарқандийнинг бу мавзуга катта эътибор билан қараганлиги асосида у ўзи яшаган даврдаги шарт-шароитлардан келиб чиқиб масалага баҳо берган деган хулосага келиш мумкин. Аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса, муаллиф яшаган даврда Мовароуннаҳр ҳудудида қорахонийлар салжуқийлар, ғазнавийлар, қорахитойлар билан доимий турли ўзаро низолар чиқариб турганлар. Бу ҳолат албатта мамлакат ички ҳаётига салбий таъсир этганлиги аниқ, шунга кўра ички иқтисодий ва маданий аҳвол ёмонлашганлиги сабабли халқ орасида турли норозилик ва исёнларни келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Тарихий манбаларда ҳам бу даврда кўплаб исёнлар бўлиб ўтганлиги ҳақида маълумотлар учрайди .

Бу бўлимга яна муаллифнинг мусобақа китоби мавзусидаги масалалари ҳам киритилди. 

қиёсий таҳлил этиб кўрилганда бу мавзуга ёндашув илмий ишда танлаб олинган фиқҳий асарларда турлича эканини, яъни асарга кирилганлиги ёки киритилмаганлиги билан фарқ қилиши маълум бўлди. Алоуддин Самарқандий яшаган даврда болалар тарбиясига, уларни жисмонан соғлом, бақувват бўлишига катта эътибор қаратилган деган хулосага келиш мумкин. 

Бу мавзу Алоуддин Самарқандий томонидан қай даражада ёритилганлигини кўриш учун мисол тариқасида баъзи бир жумлалар келтирилди: 

«У (Алоуддин ас-Самарқандий) дейди: Тўрт нарсада мусобақалашса зарари йўқ: тиғ (камон, найза отиш)да, отлар (билан чопиш)да, туялар (билан пойга)да, оёқ (югуриш)да. Пайғамбар (САВ)дан ривоят қилинадики, у зот айтадилар: «уч ҳолатдаги ўйиндан бошқа ҳаммаси харомдир: 1. Эр ўз аҳли (аёли) билан ўйнашса; 2. Камондан ўқ отишда; 3. Отини тарбия қилишда (ўйнаса).»»

Муаллиф юқоридаги тўрт нарса ҳақида изоҳ бериб шундай дейди: 

«Тиғ билан мусобақа қилишнинг маъноси – у камондан отмоқ, найза ирғитмоқ ва ҳар бир отиш мумкин бўлган яроғ (аслаҳа, қурол)дан отмоқдир. Бу каби мусобақа қилиш аслида ўйин бўлса ҳам (лекин) зарур пайтда жиҳод қилиш йўлларидан таълим берувчи бобда келтирилади. 

Отлар билан мусобақа қилишнинг маъноси – от, эшак ва хачир билан чопиш (югуриш)дир.

Туялар билан мусобақа қилишнинг маъноси – туя ва сигир (билан пойга қилиш)дир. (Чунки) баъзи кишилар жиҳод вақтида гоҳо уларга минадилар.

Оёқ билан (деган)дан мақсад — юриб мусобақа қилишдир. Бу (машқ) жиҳодда хужум ва чекиниш вақтида зарур бўлади. Шунингдек у бадан тарбия ҳамдир. ‘О’иша бинт Аби Бакр (Р.А.) ривоят қилиб, дейдилар: Пайғамбар (САВ) билан мусобақа қилганимда, у кишидан ўзиб кетдим. (Бир оз) семириб қолганимдан кейин мусобақалашганимда, у киши (Пайғамбар (САВ)) ўзиб кетдилар. Бу – шунинг (семириб кетганим) учун дедим.»

Юқоридаги жумлалардан кўриниб турибдики, муаллиф кишиларнинг жисмоний чиниқишлари ва бадан тарбия билан шуғулланишлари лозимлигини энг нозик ишоралар билан, ҳатто Пайғамбар (САВ) нинг ўз оилалари даврасида қилган амалларидан ҳам мисоллар келтириб тарғиб қилган. Шунингдек муаллиф (юқорида айтилганидек) турли урушлар, ички низолар натижасида бўлган жангларда албатта жисмоний машқлар асқотиши мумкинлигини келтириб ўтади. Мавзунинг давомида муаллиф ёзади:

«Мусобақалашишнинг тўрт тури мавжуд: улардан уч тури ҳалол, тўртинчиси харомдир. ҳалол турларидан биринчиси:

– Агар султон ёки раҳбарлардан бири икки ё бир гуруҳ чавандозларга: «Сизлардан қай бирингиз олдин келса, унга «фалон» нарса» ёки «агар ким ютқазса, унга ҳеч нарса йўқ»,- деса, ким ютиб чиқса, қўйилган нарса унга мукофот бўлади (бу жоиз).

ҳалол турларидан иккинчиси:

– Икки киши ёки бир гуруҳ кишилар камондан ўқ отишда ёки от пойгасида ёки оёқ билан (юриш, югуриш)да мусобақалашса ва шеригига «агар мени ютсанг сенга «фалонча нарса» агарда ютқазсанг сенга ҳеч нарса йўқ»,- деса мубоҳ (жоиз). Чунки бунда мукофот икки тарафнинг биридан қўйилгандир.

ҳалол турлардан учинчиси:

– Агар мукофот икки киши ёки бир гуруҳ кишилар томонидан қўйилса ва улар ичида мусобақада иштирок этиб, мукофот олиши мумкин бўлган кишининг ўзи ҳам бўлса ва ютқазганида зарар кўрмаса – у ҳолда бу жоиз.

Тўртинчи, ҳалол бўлмаган тури:

– Бунда мукофот ҳар бир киши томонидан қўйилади: агар ютса мукофот уники, мабодо ютқазса шеригига шунча тўлайди – у ҳолда мумкин эмас, чунки бу қимор ҳисобланганлиги сабабли ҳаромдир.»

Юқорида келтирилган мисоллардан исломдан аввалги маҳаллий урф-одатлар ва уларга исломнинг муносабатини кўриш мумкин.

Мусобақа мавзусига доир бу масалаларда муаллиф бирор масаланинг жоиз ёки ножоиз эканлигини баён қилган ҳукмларидан Мовароуннаҳр халқлари ўртасида исломгача мавжуд бўлган урф-одатлар ҳақида муҳим маълумот олиш мумкин.

Алоуддин Самарқандий ҳар бир масалани ёритар экан, албатта шариат нуқтаи назаридан ёндашади. қилинаётган амалнинг ҳалол ва харомлигини баён қилиш билан биргаликда, кишилик жамиятидаги турли иллатларни ҳам қоралаб ўтади. Масалан, қимор ўйини орқали қанча-қанча кишилар тубан ва ночор аҳволга тушиб қолишлари мумкинлигини қатъий шариат ҳукми орқали тушунтиради ва шу йўл билан ахлоқни тарбиялашга ҳаракат қилади.

Умуман олганда, Алоуддин ас-Самарқандийнинг Туҳфат ал-фуқаҳо’ асарига киритилган мавзулар ҳаммаси ўз даврининг руҳидан келиб чиқиб ёзилган ва ҳозирги пайтда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шунга кўра, бу фиқҳий асар нафақат илмий доираларда, балки айрим жиҳатларини ижтимоий ҳаётда ҳам амалга татбиқ этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

SAYTIMGA XUSH KELIBSIZ !