YANGILIKLAR

Тушумингиз 5 млрд сўмдан ошдими – онлайн-НКМ ўрнатинг 

2019 йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (тушуми) 5 млрд сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари 1 августдан онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишга ўтадилар. Бундай ўтиш чоғида нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида илгари ёзган эдик.

Мавзуга оид қуйидаги амалий тавсияларни ҳам ўқинг:

Солиқ имтиёзлари қисман бекор қилинади

Қуйидагилар 1 августдан бошлаб амал қилмайди:

а) 28.07.2009 йилдаги ПҚ-1166-сон қарорда назарда тутилган қуйидаги муддатга озод қилиш шаклидаги солиқ имтиёзлари:

  • 5 йил муддатга – юридик шахслар тижорат банкларининг депозитларига ва қимматли қарз қоғозларига 1 йилдан ортиқ муддатга жойлаштиришдан олинадиган фоизли даромадлари бўйича солиққа тортишдан; 
  • 3 йил муддатга – лизинг хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар фойда солиғи ва лизинг операцияларидан тушадиган даромадлар бўйича айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан;

б) 06.04.2010 йилдаги ПҚ-1317-сон қарорда назарда тутилган АВ ва НМА бўйича амортизация ажратмаларини ўрнатилган меъёрдан камроқ ҳисоблаш ҳуқуқи – банкрот корхоналар негизида ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектларга, улар янги инвесторларга сотилгунга қадар, бироқ улар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга.

Алкоголь бозорида – янги қоидалар

2020 йил 1 августдан бошлаб:

  • алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳномалар чекланмаган муддатга берилади. Илгари ушбу ҳужжатлар 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилар эди;
  • ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишлардаги дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинган қадоқланмаган табиий вино маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солинади;
  • ишлаб чиқарувчилар истеъмол этил спиртининг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида реализация қилиш ҳуқуқига эга (илгари – 100%).

Карантин даврида туризм қўллаб-қувватланади 

Туризм – пандемиядан энг кўп азият чеккан соҳалардан бири. Шу сабабли 1 августдан бошлаб:

биринчидан, «Очиқ осмон» режимини қўллаш кенгайтирилади:

  • у рейслар сони ва йўналишлари бўйича чекловларни бекор қилган, хорижий авиакомпанияларга бешинчи даражадаги «ҳаво эркинлиги»ни тақдим этган ҳолда – «Андижон», «Бухоро» ва «Урганч» халқаро аэропортларида қўшимча равишда жорий этилади;
  • хорижий авиакомпаниялар ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг мавжудлигидан қатъи назар «Очиқ осмон» режими жорий этилган халқаро аэропортларга доимий қатновларни амалга ошира оладилар. Бунинг учун улар ИКАОнинг учиш хавфсизлиги ва авиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича стандартларига мувофиқ бўлишлари шарт;
  • «Очиқ осмон» режими билан аэропортларга қатновларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларга 3 йил давомида Ўзбекистон резидентлари учун белгиланган тариф ва йиғимлар қўлланилади;

иккинчидан, қуйидагиларнинг харажатларини қоплаш механизмлари жорий этилади:

  • инвесторларнинг – йўловчи ташувчи янги дор йўлларини («Чорвоқ» эркин туристик зонасида ташкил этилаётганлардан ташқари) қуриш ва жиҳозлаш учун – уларни 2023 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш шарти билан ҳар бир 500 м йўл учун 1 млрд сўм. Дастлабки 50 та ана шундай лойиҳа компенсация олиши мумкин;
  • тадбиркорлик субъектларининг – намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқ жойларда жойлаштириш воситаларини тез қуриладиган конструкциялар (ўтовлар, контейнерлар, сэндвич панеллар) билан қуриш учун – ҳар бир жой учун 5 млн сўмгача. Шундай типдаги жойлаштириш воситаларининг жойлари сони 50 мингтага етгунига қадар ёки 2023 йил 31 декабргача субсидиялар ажратилади (қайси бирига илгарироқ эришилишига қараб);
  • «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» реестридаги хўжалик юритувчи субъектларнинг – 2020 йил 31 декабрга қадар туризм ва ёндош инфратузилма объектларининг бино ва иншоотларида эпидемияга қарши курашиш профилактик тадбирларини амалга оширишга;

учинчидан, ўзини ўзи банд қиладиган жисмоний шахслар гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчи хизматларини кўрсатишга ҳақли.

Акциз чегирилиб, утилизация йиғими қўшилади 

1 августдан қуйидагиларни мамлакатимизга олиб киришда акциз солиғи бекор қилинади:

  • тракторлар, шатакка олувчи машиналар ва скиддерлар (8701-гуруҳ ТИФ ТН коди);
  • двигатель ҳажми ва сиғими турлича бўлган моторли транспорт воситалари, шу жумладан дизель ва ярим дизеллар (8702-гуруҳ);
  • асосан йўловчи ташишга мўлжалланган енгил автомобиллар ва бошқа моторли транспорт воситалари, шу жумладан юк ва йўловчиларни ташиш учун фургонлар ва пойга автомобиллари (8703-гуруҳ);
  • юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари (8704-гуруҳ).

Бекор қилинаётган ставкаларнинг тўлиқ рўйхати – бу ерда.

Айни пайтда 1 августдан утилизация йиғимининг тасдиқланган ставкалари амал қила бошлайди. Бу ҳолда сумма транспорт воситасининг тури, тоифаси ва техник тавсифларига қараб – 30 БҲМдан 1 500 БҲМгача миқдорда белгиланади. Ставкаларнинг тўлиқ рўйхати – бу ерда.

«Норма» экспертининг шарҳини ўқиб, акциз солиғининг бекор қилиниши ва утилизация йиғимининг жорий этилиши автомобиллар қийматига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида билиб олишингиз мумкин. 

Маркировка қилинмаганми – сертификат расмийлаштирилмайди 

Давлат тилида (лотин ёзувида) маркировка қилинмаган истеъмол товарларига 1 августдан бошлаб мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмайди. Ушбу норма бир вақтнинг ўзида қуйидаги рўйхатларга киритилган товарларга тааллуқли:

  • Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари рўйхати;
  • Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати.

Илгари товарларни импорт режимида божхонада расмийлаштиришда уларнинг давлат тилида маркировкалангани текшириларди. 2018 йил 1 сентябрдан бундай маркировкасиз божхонада расмийлаштиришга рухсат берилди, бироқ талаб сақланиб қолди. Шу сабабли унга риоя этилиши устидан назорат ўрнатишнинг янги тартибини жорий этишга эҳтиёж туғилди.  

Янги механизм қуйидагича ишлайди:

  • товар давлат тилида лотин алифбосида маркировкаланмаган бўлса, унга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмайди;
  • товарларни сертификатланган маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз реализация қилиш савдо қоидаларини бузиш ҳисобланади, бунинг учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Вагонлар ва контейнерлар ҳаракати – назорат остида 

1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этишлари шарт. Бунинг учун ташувчилар ва божхона органларининг ахборот тизимларини интеграциялаш зарур.

«Яшил» энергия ишлаб чиқарувчиларга преференциялар  

Электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик ГЭСлардан кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф II тариф гуруҳи истеъмолчилари даражасида белгиланади. Айни пайтда бу – 1 кВт/с учун 450 сўм (ҚҚСни ҳисобга олганда). Сотиш, тарқатиш ва етказиб бериш харажатлари чегириб ташланади. Норма ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясига ҳам тааллуқли.

Судгача – апелляция кенгаши 

Энди фуқаролар ва ташкилотлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низолар судгача ҳал қилиш бўйича махсус апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқилади. 1 августдан бошлаб улар эксперимент тариқасида ДБҚ, Ергеодезкадастрдавқўм, Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилади. Апелляция кенгашларининг фаолият юритиш тартиби ва уларнинг ваколатлари ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.

МИБ ваколатлари қисқартирилади 

1 августдан бошлаб Мажбурий ижро бюросининг қуйидаги вазифалари ва ваколатлари бошқа муассасаларга ўтказилади. Хусусан:

а) Энергетика вазирлигига:

  • электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек муқобил энергия манбаларининг жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказиш;
  • энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш тизимини комплекс таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда – энергия ресурсларини эҳтиёт қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

б) «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхоналарига ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига:

  • электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек электр энергияси ва табиий газ сотуви ва истеъмолини ҳисобга олиш;
  • тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда – электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш.

Кўп қаватли уйларни бошқариш – янги қонун бўйича 

2019 йил ноябрь ойида кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида янги қонун қабул қилинди. Бироқ у дарҳол амалга киритилмади. Аввал барча янгиликлар амалиётда қандай ишлашини таҳлил қилиш керак эди. 1 майгача қонун ишлашини синаб кўриш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида, Жиззах ва Марғилонда ҳуқуқий эксперимент ўтказилди. Унинг якунларига кўра ҳужжат такомиллаштирилишига зарурат бор-йўқлигини ҳал этишлари керак эди. 

Натижада ҳеч қандай тузатиш киритилмади. Тегишинча, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун 1 августдан бошлаб шу кўринишда кучга киради.

Режаларга карантин халал берди… 

2020 йил 1 августдан бошлаб қуйидагиларни ишга тушириш режалаштирилган эди:

  • А.Навоий номидаги ДАКТ ва Бухоро давлат музейида – блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда чипталарни харид қилиш бўйича операцияларнинг ягона электрон тизими;
  • Нукус ва вилоят марказларида – жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими.

Бироқ карантин 15 августгача узайтирилди, унинг доирасида, бошқалардан ташқари, оммавий-маданий тадбирларни ўтказиш ва жамоат транспортининг ҳаракатланиши тақиқланди. 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *